«АЛЛАТРА Нью-Йорк» микро- ва нанопластикнинг ҳайвонлар ва табиатга кўрсатадиган таъсири мавзусига бағишланган жамоатчилик тадбирини ташкил этди

28 May 2026
«АЛЛАТРА Нью-Йорк» микро- ва нанопластикнинг ҳайвонлар ва табиатга кўрсатадиган таъсири мавзусига бағишланган жамоатчилик тадбирини ташкил этди

Нью-Йорк, 23 апрель 2026 йил — «АЛЛАТРА Нью-Йорк» «АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази билан ҳамкорликда Civic Hall биносида бепул кечки жамоатчилик тадбирини ўтказди ва унда Нью-Йорк аҳолиси илмий масалаларни муҳокама қилиш, алоқалар ўрнатиш ва очиқ суҳбат учун йиғилди. Спикерлар микро- ва нанопластик бизни ўраб турган тирик оламга — океан экотизимлари ва ўрмонлардан тортиб, кўчманчи қушлар ва уй ҳайвонларигача — қандай таъсир кўрсатиши ҳақидаги энг сўнгги тадқиқотлар натижаларини тақдим этдилар.

Тақдимот «АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази эълон қилган «Нанопластик. Ҳаёт учун таҳдид» ҳужжатли фильми ва «Нанопластик: инсон саломатлиги, экотизимлар ва атроф-муҳит учун хавфларнинг тизимли таҳлили» ҳисоботи, шунингдек, бошқа илмий тадқиқотлар маълумотлари асосида тайёрланган.

Пластик нима ва нима учун у ҳеч қачон бутунлай йўқолмайди?

«Шундай бир моддани тасаввур қилингки, у шу қадар кенг тарқалган ва узоқ сақланадики, уни Ер юзидаги энг чуқур жой — денгиз сатҳидан қарийб 11 километр пастдаги Мариана ботиғининг тубида ҳам, сайёрамизнинг энг баланд нуқтаси — Эверест чўққисида ҳам топишган. Барча океан оқимлари, барча тоғ тизмалари ва барча биологик тўсиқлардан ўтиб кетган моддани тасаввур қилинг. Бу модда — пластик». «АЛЛАТРА» вакили Ольга Котик тақдимотни шу сўзлар билан бошлади. У тингловчиларни кўпчилик ҳар куни дуч келадиган, аммо деярли эътибор бермайдиган нарсага чуқурроқ назар ташлашга ундади.

Суҳбат учун бошланғич нуқта сифатида турли хил пластик буюмлар қўйилган стол хизмат қилди: шаффоф ва хира, қаттиқ ва юмшоқ, мустаҳкам ва мўрт буюмлар. Спикер тушунтирганидек, пластик битта муайян материал эмас, балки минглаб турли кимёвий қўшимчалар ёрдамида ишлаб чиқариладиган синтетик полимерларнинг кенг тоифасидир. Шунга қарамай, пластикнинг деярли барча турларини бирлаштирувчи битта асосий хусусият бор — бу унинг ниҳоятда чидамлилигидир. АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (EPA) маълумотларига кўра, қачонлардир ишлаб чиқарилган пластикнинг деярли ҳар бир бўлаги ҳозиргача сайёрамизда мавжуд, фақат бошқа шаклда.

Сўнгра спикер пластикнинг бундай узоқ сақланиш хусусияти ва оқибатлари ҳақида сўзлаб берди: «Атиги бир грамм пластик парчаланиши натижасида охир-оқибат бир квадриллиондан ортиқ нанопластик заррачаси ҳосил бўлиши мумкин. Бу — ўн бешта нолдан иборат сон. Кейин бу заррачалар тупроқ, сув ва ҳавога тарқалади. Бугунги кунда эса уларни у ердан қандай қилиб ажратиб олиш мумкинлиги маълум эмас».

«АЛЛАТРА» вакили Ольга Котик «АЛЛАТРА» жамоаси томонидан Нью-Йоркнинг Манхэттен округида ташкил этилган «Микро- ва нанопластик: ҳайвонлар ва табиатга кўрсатадиган таъсири» тадбирида

Муаммони янада ойдинроқ тушунтириш учун Ольга залдан бир кўнгиллини жонли тажриба намойиш қилиш учун таклиф қилди. Шиша стаканлар ичида ипларга тўртта буюм — мис таёқча, магний тасмаси, игна ва ёғоч гугурт чўпи осиб қўйилган эди. Кўнгиллидан осиб қўйилган буюмларга навбатма-навбат аввал ёғоч таёқчани, кейин қайчини ва ниҳоят, пластик ичимлик найчасини яқинлаштириш сўралди. Буюмларнинг ҳеч бири жойидан қимирламади. Сўнгра ёғоч таёқча ва қайчи жун матога ишқаланиб, осилган буюмларга яна яқинлаштирилди, аммо натижа ўзгармади. Лекин жунга ишқаланган пластик найча буюмларга яқинлаштирилганда, тўрталаси ҳам унга тортилди. Томошабинлар бу ҳодисанинг моҳиятини дарҳол тушундилар: пластик электростатик заряд олди. Ольганинг тушунтиришича, айнан шу хусусият нанопластик заррачаларининг тирик ҳужайралар билан ўзаро таъсирга киришишига ва ҳаёт фаолиятининг асосини ташкил этувчи электр жараёнларини бузишига сабаб бўлиши мумкин.

Тирик табиат хавф остида

Олима ва «АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази вакили доктор Анастасия Пашигрева пластикнинг биологик таъсири бўйича тадқиқотлар натижаларини тақдим этди. У микро- ва нанопластикнинг океан экотизимлари, ёввойи табиат, ҳашаротлар, қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари ҳамда уй ҳайвонларига таъсирини батафсил сўзлаб берди.

«АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази олимаси доктор Анастасия Пашигрева «АЛЛАТРА» жамоаси томонидан Нью-Йоркнинг Манхэттен округида ташкил этилган «Микро- ва нанопластик: ҳайвонлар ва табиатга кўрсатадиган таъсири» тадбирида

Ўз маърузасини у океандан бошлади. Бу денгиз озиқ-овқат занжирининг асоси ва нанопластикнинг тирик тизимларга кириб боришидаги асосий йўллардан бири. Доктор Пашигрева тушунтирганидай, зоопланктон микропластик заррачаларини ўзининг табиий озиғидан ажрата олмайди, чунки бу заррачалар ўлчами, шакли ва ҳатто кимёвий сигналлари жиҳатидан фитопланктонга ўхшаши мумкин.

Шунингдек, у 2023 йилда Амхерстдаги Массачусетс университети ва Хитой океан университети ўтказган тадқиқотга алоҳида эътибор қаратди: унга кўра, коловраткалар микропластикни жисмонан майдалайди ва уни нанопластик шаклида ажратиб чиқаради, бунда битта организм кунига 366 000 тагача нанозаррача ҳосил қилиши мумкин.

«Биз ифлосланишнинг статик муаммосига дуч келмаяпмиз, — таъкидлади доктор Пашигрева. — Гап ўз-ўзини кучайтирадиган жараён ҳақида кетяпти».

Кейин ифлосланиш озиқ-овқат занжири бўйлаб тез тарқала бошлайди. Текширилган сардина намуналарининг 96 %, анчоусларнинг 90 % дан кўпида, шунингдек, таҳлил қилинган балиқларнинг 88 % нинг ошқозон-ичак йўллари ва жабраларида микропластик заррачалари топилган.

Қушлар популяциясида ҳам хавотирли вазият юзага келмоқда. Фақат Шимолий Америкада сўнгги 50 йилда тахминан 3 миллиард қуш йўқолган, бу қитъадаги барча қушларнинг деярли чорак қисмидир. Доктор Пашигрева бу инқироз кўламини яққол кўрсатадиган бир ҳолатни тасвирлади: «90 кунлик оч оёқли бўрон қуши полапонининг ошқозонидан жами 403 бўлак пластик чиқарилган. Бу қуш ҳали бирор марта учмаган ва денгизга чиқмаган эди. Уни ота-онаси тухумдан чиққанидан бери балиқ деб ўйлаб едириб келган пластик ҳалок қилди». 

Чанглатувчи ҳашаротлар ҳам тобора кучайиб бораётган босим остида. XX асрнинг ўрталаридан бери Европа ва АҚШда асалари популяциялари 30 % дан кўпроққа қисқарган. Уларнинг йўқолиши замонавий даврдаги энг жиддий экологик ўзгаришлардан биридир, чунки асаларилар қишлоқ хўжалиги экинларининг тахминан 75 % ва ёввойи гулли ўсимликларнинг 90 % ни чанглатади.

«АЛЛАТРА» жамоаси Нью-Йоркнинг Манхэттен округида ташкил этган «Микро- ва нанопластик: ҳайвонлар ва табиатга кўрсатадиган таъсири» тадбирида савол-жавоблар қисми

Доктор Пашигрева тушунтиришича, нанопластик заррачалари асаларининг танасига кутикула орқали кириб, бор-йўғи уч кун ичида мияга етиб боради ва хотира, фазода мўлжал олиш ҳамда йўл топиш қобилиятида сезиларли бузилишларни келтириб чиқаради. «Асаларилар йўналишни аниқлай олмай қолганда, нектарни қаердан йиққанини эслай олмаганда ва уясига қайтиш йўлини топа олмаганда, биз фақат асалариларни йўқотмаймиз. Биз озиқ-овқат тизимимизнинг асосини йўқотамиз», — қўшимча қилди у.

Йиғилганларнинг кўпчилиги учун кечанинг жуда яқин ва шахсий қисми уй ҳайвонлари мавзуси бўлиб чиқди. Микропластик заррачалари текширилган мушук ва итларнинг 70 % дан ортиғининг аъзоларида аниқланган, АҚШда уй ҳайвонлари учун озуқалар бўйича ўтказилган тадқиқотлар эса мушуклар ва итлар учун озуқаларнинг пластик билан сезиларли даражада ифлосланганлигини аниқлади.

«Сизнинг уй ҳайвонларингиз Ер юзидаги энг заиф жонзотлардан бири бўлиши мумкин, — деди доктор Пашигрева. — Маълум маънода, улар эрта огоҳлантириш тизими ҳисобланади. Уй ҳайвонларимизда қалқонсимон без касалликлари, саратон ва репродуктив бузилишлар кўпайиб бораётганини кузатар эканмиз, уларнинг организмлари нима ҳақида сигнал беришга уринаётгани ҳақида ўйлаб кўришимиз лозим».

Якунда у тингловчилар орасида катта таассурот қолдирган фикр билан ўртоқлашди: «Ҳайвонлар ўзлари учун гапира олмайди. Уяга йўл топиш қобилиятини йўқотаётган асаларилар бизга ўзларига нима бўлаётганини айтиб беролмайди. Ошқозони пластикка тўла бўронқуши полапони қонунчилар олдида чиқиш қила олмайди. Лекин биз буни биламиз. Демак, масъулият бизнинг зиммамизда».

Мавжуд ечимлар ва уларнинг чекловлари

«АЛЛАТРА» вакили Стивен Кастен пластик ифлосланишига қарши энг кенг тарқалган айрим ёндашувларнинг чекловлари ҳақида тўхталиб ўтди. Масалан, кўпинча асосий ечим сифатида тақдим этиладиган қайта ишлаш баъзи ҳолларда пластик парчаланишининг олдини олиш ўрнига уни тезлаштириши мумкин.

«Биз бу муаммони фақат қайта ишлаш билан ҳал қила олмаймиз, — деди Кастен. — Механик қайта ишлаш пластикни кучли таъсирга, яъни иссиқлик, ишқаланиш ва майдаланишга дучор қилади, айнан шулар парчаланишга олиб келади. Иккиламчи пластик бирламчи пластикка қараганда микрозаррачаларни осонроқ ажратиб чиқариши мумкин, қайта ишлаш жараёнининг ўзи эса янада кўпроқ нанопластик ҳосил қилиши мумкин».

«АЛЛАТРА» вакили Стивен Кастен «АЛЛАТРА» жамоаси томонидан Нью-Йоркнинг Манхэттен округида ташкил этилган «Микро- ва нанопластик: ҳайвонлар ва табиатга кўрсатадиган таъсири» тадбирида

Океанни тозалашга бўлган уринишларда ҳам шунга ўхшаш парадокс кузатилади. Баҳоларга кўра, океанда аллақачон тахминан 200 миллион тонна пластик бор, тозалаш ишлари эса йилига атиги тахминан 20 000 тонна чиқариб олишга имкон беради, яъни умумий ҳажмнинг 0,01 % дан камини.

Кўплаб тозалаш тизимлари планктон, балиқ уруғи ва личинкалар алоҳида кўп тўпланган юза сувларда ишлайди. Бу жиддий хавотир уйғотади, чунки чиқинди йиғиш жараёнида денгиз организмлари ҳам беихтиёр тутиб олиниши ёки зарар кўриши мумкин. Бу жиҳат алоҳида муҳим, чунки планктон денгиз экотизимларининг асосини ташкил этади ва Ердаги кислороднинг 50 % дан кўпроғини ишлаб чиқаради.

Янада умидбахш мисол сифатида Стивен АҚШ Соғлиқни сақлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан яқинда ишга туширилган STOMP дастурини келтирди. У ҳақида 2026 йил 2 апрелда эълон қилинган эди. Ушбу ташаббус доирасида беш йил давомида инсон танасида микро- ва нанопластикнинг тўпланиш жараёнларини, уларнинг биологик таъсирини, шунингдек, ушбу заррачаларни чиқариб ташлашнинг мумкин бўлган усулларини ўрганишга 144 миллион доллар сармоя киритилади. «Бу тўғри йўналишдаги муҳим қадам, — деди Стивен, — лекин бу фақат бошланиш».

У микро- ва нанопластик билан боғлиқ инқирозни бартараф этиш жаҳон илмий ҳамжамиятининг мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларини, шунингдек, ечимларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш усулларини тубдан қайта кўриб чиқишни талаб қилишини таъкидлади. Масалан, АҚШ Озиқ-овқат ва дори воситалари бошқармаси (FDA) томонидан дори воситаларини тасдиқлашнинг стандарт жараёни 10 йилдан 15 йилгача чўзилиши мумкин. Бундай суръатда аллақачон кучайиб бораётган босим остида турган экотизимлар чидай олмаслиги мумкин.

«АЛЛАТРА» жамоаси томонидан Нью-Йоркнинг Манхэттен округида ташкил этилган «Микро- ва нанопластик: ҳайвонлар ва табиатга кўрсатадиган таъсири» тадбирида савол-жавоблар қисми ва нетворкинг

Якунда доктор Пашигрева залдагиларнинг барчасига мурожаат қилиб, асосий хабарини етказди: «Тақдимотимизни якунловчи савол асло риторик эмас. Эҳтимол, бу бугунги фан ва давлат сиёсатининг энг шошилинч саволларидан биридир: биз нима қила оламиз? Биз бу муаммонинг эътиборсиз қолдириш учун жуда муҳим ва чора кўришни кечиктириш учун жуда жиддий эканини тан олишдан бошлашимиз мумкин».

Томошабинлар ёдида қолган савол

Тадбир оқшоми узоқ давом этган ва қизғин савол-жавоблар қисми билан якунланди. Охирги саволни Фордхам университетининг битирувчи курс талабаси Джулиан Флорес берди. У спикерлардан микро- ва нанопластик билан боғлиқ инқироз аҳамиятини олти ёшли болага у ҳақиқатан ҳам англаб етадиган тарзда қандай изоҳлаб бериш мумкинлигини сўради.

«АЛЛАТРА» жамоаси томонидан Нью-Йоркнинг Манхэттен округида ташкил этилган «Микро- ва нанопластик: ҳайвонлар ва табиатга кўрсатадиган таъсири» тадбирида савол-жавоблар қисми ва нетворкинг

Таассуротлари билан бўлишар экан, Джулиан бугун биз яхши кўрадиган кўп нарсалар эртага пластик ифлосланиши туфайли йўқолиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги фикр уни чуқур таъсирлантирганини, болалар учун эса бизнинг сўзларимиздан кўра ишларимиз муҳимроқ эканини айтди. Унинг фикрича, катталар кўрсатаётган намуна оқибатда болага ҳар қандай тушунтиришдан кўпроқ нарса айтади.

Океанлар саломатлиги мавзусида контент тайёрлайдиган ва ўз каналлари учун материал суратга олиш мақсадида тадбирга келган контент яратувчи Рэнди Байчич ушбу кеча унга пластик билан ифлосланишнинг кенг кўламли экологик оқибатларига янада кенгроқ назар ташлаш имконини берганини айтди.

«АЛЛАТРА» жамоаси томонидан Нью-Йоркнинг Манхэттен округида ташкил этилган «Микро- ва нанопластик: ҳайвонлар ва табиатга кўрсатадиган таъсири» тадбирида савол-жавоблар қисми ва нетворкинг

«Фаолиятимнинг катта қисми океан билан боғлиқ, шунинг учун бугун бошқа соҳалар ҳақида билиш мен учун айниқса қизиқарли бўлди. Ушбу тадқиқотларни чуқур ўрганган инсоннинг ўзидан ўрмонлар, улардаги барча жараёнлар бир-бири билан қандай боғлиқлиги, қушлар ва асаларилар қандай азият чекаётгани ҳамда буларнинг барчаси ўзаро қандай чамбарчас боғлангани ҳақида бевосита эшитиш муаммонинг кўлами ҳақидаги тасаввуримни тубдан ўзгартирди».

Уни энг кўп ҳайратга солган жиҳат асаларилар популяциясининг камайиши билан боғлиқ инқирознинг иқтисодий оқибатлари бўлди: «Агар асаларилар зарар кўрса, иқтисодиётимизга етказиладиган зарар 500 миллиард долларни ташкил этади. Одатда эса бундай нарсалар ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайсан».

БМТда нутқ сўзлаш учун Кариб денгизидаги орол давлати Гренададан Нью-Йоркка келган Йоханн Хохтиалик бу муаммо ҳақида гапирар экан, уни ҳал этиш кечиктириб бўлмас вазифа эканини алоҳида таъкидлади.

«АЛЛАТРА» жамоаси томонидан Нью-Йоркнинг Манхэттен округида ташкил этилган «Микро- ва нанопластик: ҳайвонлар ва табиатга кўрсатадиган таъсири» тадбиридаги нетворкинг

«Микро- ва нанопластик билан боғлиқ глобал муаммо ечимларни зудлик билан излашни талаб қилади». Унинг айтишича, энг катта тўсиқлардан бири фан биладиган нарса билан жамиятнинг тушуниши ўртасидаги тафовутдир: «Илмий маълумотлар одамларга ҳали зарур даражада етиб бормаяпти, ваҳоланки дунё ниҳоят уйғониши ва вазиятга реал кўз билан қараши учун шундай бўлиши керак».

Бу оқшом унда умид туйғусини қолдирди: «Ҳар қандай муаммонинг ечими томон биринчи қадам — англаш. Муаммо бор экан, аввал уни англаб олиш керак. Ундан кейин ечим ҳам пайдо бўлади».

«АЛЛАТРА» жамоаси томонидан Нью-Йоркнинг Манхэттен округида ташкил этилган «Микро- ва нанопластик: ҳайвонлар ва табиатга кўрсатадиган таъсири» тадбиридаги нетворкинг

«АЛЛАТРА» Civic Hall жамоасига тадбирни ўз майдонида ўтказишга имкон бергани ва уни ташкил этишда иштирок этгани учун самимий миннатдорлик билдиради. Уларнинг экология ва жамоат саломатлиги масалалари бўйича мулоқотга доимий кўмаги фуқаролик иштироки ва жамият фаровонлиги тамойилларига чуқур содиқликни кўрсатади.

Civic Hall ҳақида

Civic Hall — Нью-Йорк шаҳрида Юнион-сквердаги ўта замонавий марказ. У оддий ғоя асосида ташкил этилган: одамларни ривожланиш, ҳамкорлик ва қувончли воқеаларни нишонлаш каби ҳаётнинг энг бой имкониятлари атрофида бирлаштириш.

Бугунги кунда Civic Hall ўзи жойлашган шаҳар каби хилма-хил макондаги имкониятлар салоҳиятини очиб бериш мақсадини кўзлайди. Civic Hall ўз залларини энг турли тадбирлар учун тақдим этади: таълим дастурлари ва стартапларни қўллаб-қувватлашдан тортиб, санъат кўргазмалари ва тўй маросимларигача.

«АЛЛАТРА» ҳақида

«АЛЛАТРА» — АҚШда тадқиқот марказига эга бўлган («АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази) халқаро ташкилот бўлиб, иқлим ва экологик ўзгаришларни комплекс таҳлил қилиш, микро- ва нанопластик таъсирини ўрганиш, шунингдек, маданиятлараро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.

Атроф-муҳитни ва барча тирик мавжудотларни асраб-авайлаш йўлидаги фидокорона фаолиятининг эътирофи сифатида 2024 йилда «АЛЛАТРА» Рим Папаси Франциск Ҳазратларининг Ҳаворийлик фотиҳасига сазовор бўлди. 2025 йилда эса Рим Папаси Лев XIV Ҳазратлари ҳам «АЛЛАТРА» президенти ва унинг барча кўнгиллиларига Ҳаворийлик фотиҳасини инъом этди.

Матбуот билан боғланиш учун: [email protected]