Янги кенг қамровли ҳисобот нанопластикнинг инсон саломатлиги, экотизимлар ва атроф-муҳит учун хавфларини таҳлил қилади

23 April 2026

592 та манбадан фойдаланилгани ушбу ҳисоботни мазкур муаммо бўйича энг кенг қамровли очиқ шарҳлардан бири деб ҳисоблаш имконини беради.

«АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот марказининг «Нанопластик. Инсон саломатлиги, экотизимлар ва атроф-муҳит учун хавфларнинг тизимли таҳлили» ҳисоботи

Вашингтон, 2026 йил 23 апрель — АҚШда фаолият юритувчи халқаро таҳлилий марказ — «АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази «Nanoplastics: A Systematic Risk Analysis for Human Health, Ecosystems, and the Environment» («Нанопластик. Инсон саломатлиги, экотизимлар ва атроф-муҳит учун хавфларнинг тизимли таҳлили») номли янги илмий-таҳлилий ҳисобот нашр этилганини эълон қилади. Мазкур иш CC BY 4.0 лицензияси асосида тарқатилади ҳамда илмий ҳамжамият, назорат қилувчи органлар, сиёсий институтлар ва кенг жамоатчилик фойдаланиши учун мўлжалланган. Нашрга DOI рақами берилган: https://doi.org/10.65849/agrc.report.mnp.2026.04001. Ҳисобот таҳлилий марказнинг сайтида мавжуд.

«Нанопластик. Инсон саломатлиги, экотизимлар ва атроф-муҳит учун хавфларнинг тизимли таҳлили» номли ҳисоботнинг ўзига хослиги шундаки, у пластик билан ифлосланиш кўлами ёки унинг айрим зарарли таъсирлари ҳақидаги маълумотлар билан чекланиб қолмайди. Ҳисобот асосий саволга ойдинлик киритиш имконини беради: айнан нима нанопластикни тирик тизимлар, жумладан, инсон организми билан ўзаро таъсирга кирганида бундай фаол қилади?

Ҳисобот муаммо нафақат атроф-муҳитдаги пластик миқдорида, балки унинг микро- ва нано ўлчамдаги заррачаларга парчаланганидан сўнг ўз хусусиятлари ва хатти-ҳаракатини сезиларли даражада ўзгартиришида ҳам эканини кўрсатади. Ушбу хусусиятлар пластик заррачаларига оқсиллар, ҳужайра мембраналари, тўқималар ва организмнинг ҳимоя тўсиқлари билан ўзаро таъсирга киришиш имконини беради. Шу боис ҳисоботда нанопластикни пассив «пластик чанг» сифатида эмас, балки ўзининг физик-кимёвий фаоллигига эга бўлган антропоген заррачаларнинг янги тоифаси сифатида кўриб чиқиш таклиф этилади.

Нанопластикни тирик тизимлар учун нима хавфли қилади

Ҳисоботга кўра, пластик микро- ва наноўлчамларга майдаланганда, унинг хусусиятлари тубдан ўзгаради: солиштирма юза майдони ортади, ифлословчи моддалар ва биомолекулаларни адсорбция қилиш қобилияти кучаяди, юза заряди, ζ-потенциал ва фазалараро ўзаро таъсирларнинг роли ошади. Масалан, пластик заррачалар наноўлчамгача кичрайганда уларнинг солиштирма юза майдони кескин ортади. Назарий ҳисоб-китобларга кўра, диаметри тахминан 1 мм бўлган битта пластик бўлаги ўз массаси бўйича ўлчами тахминан 100 нм бўлган бир триллионга яқин нанозаррачага тенг бўлиши мумкин. Бунда уларнинг умумий юза майдони ўн минглаб марта ортади. Бу эса уларнинг реакцияга киришиш қобилиятини ва биологик тизимлар билан ўзаро таъсирлашиш имкониятини сезиларли даражада кучайтиради. Айнан шундай ўзгариш нанопластик муаммосини нафақат экологик, балки биофизик муаммога ҳам айлантиради.

Ҳисобот микро- ва нанопластик эндиликда нафақат океанлар ва чиқиндихоналарда, балки ҳавода, тупроқда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида, ичимлик сувида ва озиқ-овқатда ҳам аниқланаётганини таъкидлайди. Инсон учун бу озиқ-овқат, сув ва нафас олинадиган ҳаво орқали доимий равишда таъсирга дучор бўлишни англатади. Бундай кичик ўлчамдаги заррачалар эпителиал тўсиқлар, ҳужайра мембраналари, иммун тизим ва ҳужайра ичидаги тузилмалар билан ўзаро таъсирга киришиш қобилиятига эга. Ҳисоботда нанопластикнинг мураккаб биологик тўсиқлар, жумладан, ичак, гематоэнцефалик ва плацентар тўсиқлардан ўта олиш хусусиятига алоҳида эътибор қаратилган.

Нашрда замонавий экспериментал ва клиник маълумотлар билан аллақачон тасдиқланган механизмларга алоҳида эътибор қаратилган. Буларга оқсил коронасининг шаклланиши, оксидловчи стресс, митохондриал дисфункция, тўсиқ функцияларининг бузилиши, яллиғланиш реакциялари ҳамда заррачаларнинг ҳужайралар билан ўзаро таъсирлашувидаги ўзгаришлар киради. Ҳисоботда, шунингдек, асаб, юрак-қон томир, иммун, репродуктив, нафас олиш ва таянч-ҳаракат тизимлари учун эҳтимолий оқибатлар, шунингдек, туғилишдан олдинги ва туғилишдан кейинги ривожланишга таҳдид солувчи хавфлар ҳам кўриб чиқилади.

«Ушбу ҳисоботнинг мақсади — янада аниқ илмий асосни шакллантириш. Бу тарқоқ илмий маълумотларни хавфлар ва тадқиқотнинг устувор йўналишларини акс эттирувчи ягона харитага бирлаштиришга уринишдир. Нанопластик нафақат унинг миқдорини ўлчашни, балки физик-кимёвий табиатини ҳамда оқсиллар, мембраналар, биологик тўсиқлар ва экотизимлар билан ўзаро таъсирлашиш механизмларини янада чуқурроқ тушунишни ҳам талаб этади. Бизнинг фикримизча, нанопластикнинг электр хусусиятлари ва зарядининг эҳтимолий ички тузилишини ўрганиш келажакда хавфларни камайтириш стратегияларини ишлаб чиқишнинг асосий йўналишларидан бирига айланиши мумкин», — деди ҳисоботнинг етакчи муаллифи, «АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази Илмий-маслаҳат ва тадқиқот кенгаши аъзоси доктор Джон Ан.

Ҳисоботда, шунингдек, микро- ва нанопластикнинг экотизимларга таъсири ҳам кўриб чиқилади. Ушбу заррачалар тупроқда тўпланиши, ўсимликларнинг илдиз тизимлари ва тупроқ микробиотаси билан ўзаро таъсирга киришиши, озиқ-овқат занжирлари бўйлаб тарқалиши ҳамда биоаккумуляция ва биомагнификация жараёнларида иштирок этиши мумкин. Алоҳида бўлимлар ушбу заррачаларнинг ўрмон экотизимлари, чанглатувчи ҳашаротлар, қушлар, денгиз экотизимлари ва биосферадаги жараёнларга таъсирига бағишланган.

Илмий янгилик: нима учун нанопластикнинг электр хусусиятларини ўрганиш уни тушунишнинг калити бўлиши мумкин

Ҳисоботнинг бўлимларидан бири нанопластикнинг электр хусусиятларига бағишланган. Илмий амалиётда заррачаларнинг хатти-ҳаракатини тавсифлаш учун кўпинча ζ-потенциалдан фойдаланилади. Бу заррачанинг суюқ муҳит билан ўзаро таъсир чегарасидаги зарядга боғлиқ параметр. Бироқ ҳисобот муаллифлари янада чуқурроқ саволни ўртага ташлайдилар: нанопластикнинг электр табиатини тўлиқ тушуниш учун бу кўрсаткичнинг ўзи етарлими?

Ҳисоботда нанопластикнинг эҳтимолий ички ва юза ости электр тузилиши ҳақида тадқиқот гипотезаси илгари сурилган. Бошқача айтганда, гап фақат заррачанинг ташқи юзасидаги заряд ҳақида, балки заррачанинг ўзи ҳам мураккаброқ «заряд архитектураси»га — жумладан, ички зарядлар, заряд тузоқлари, диполь тузилмалар ва электретга ўхшаш ҳолатларга эга бўлиши мумкинлиги ҳақида бормоқда.

Ушбу гипотезанинг аҳамияти тайёр технологик ечимни таклиф этаётганида эмас.  Унинг аҳамияти бошқа жиҳатда — у муаммонинг ўзига янгича қараш имконини беради. Энди масала фақат «Нанопластикни қандай аниқлаш ва унинг миқдорини баҳолаш мумкин?» деган савол билан чекланмайди. Балки «Нанопластик нима учун тирик тизимлар билан айнан шундай ўзаро таъсирга киришишини тушуна оламизми ва келажакда унинг биологик реактивлигини камайтириш мумкинми?» деган савол ҳам ўртага қўйилади.

Айнан шу сабабли ҳисоботда заррачаларнинг электр заряди, юза хусусиятлари ва ички электр тузилишини келгуси тадқиқотларнинг истиқболли йўналиши сифатида кўриб чиқиш таклиф этилади. Агар нанопластикнинг айрим зарарли ўзаро таъсирлари унинг электр хусусиятлари билан боғлиқ бўлса, ушбу хусусиятларни тушуниш хавфларни камайтиришга қаратилган янги ёндашувларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиши мумкин.

Ҳисоботнинг амалий хулосалари ва тавсиялари

Ҳисоботда микро- ва нанопластик билан боғлиқ хавфларни баҳолаш ва камайтиришнинг қуйидаги йўналишлари ажратиб кўрсатилган:

  • микро- ва нанопластикни ўлчаш учун ўзаро таққослаш мумкин бўлган халқаро стандартларни ишлаб чиқиш;
  • юза заряди, ζ-потенциал, оқсил коронасининг шаклланиши ва нанозаррачаларнинг электрокинетик хусусиятларини ўрганиш;
  • нанопластикнинг инсон саломатлиги ва экотизимларга узоқ муддатли таъсирини баҳолаш;
  • мавжуд нанопластикнинг биологик фаоллигини камайтиришнинг эҳтимолий физик ва биофизик ёндашувларини тадқиқ этиш;
  • ўтмишдаги энг йирик илмий ташаббуслар кўламига тенг даражада халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш.

Ҳисоботда қайд этилишича, пластик ифлосланиши муаммосини ҳал қилишнинг анъанавий ёндашуви — йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва атроф-муҳитни механик тозалаш — аллақачон шаклланган микро- ва наноўлчамли фракциялар муаммосини бартараф этиш учун етарли эмас. Пластик шундай ўлчамларгача парчаланганидан сўнг уни биосферадан бутунлай чиқариб ташлаш деярли имконсиз бўлиб қолади. Шу боис чиқиндиларни камайтириш ва мониторингни яхшилаш билан бир қаторда, нанопластикнинг тирик тизимлар билан зарарли ўзаро таъсирини камайтиришга қаратилган янги тадқиқот дастурлари зарур.

«Бизнинг фикримизча, нанопластик муаммоси фрагментар ёндашувни эмас, балки халқаро илмий дастурни талаб қилади. Бу фақат экология масаласи эмас, балки тиббиёт, биофизика, токсикология, климатология ва жамоат саломатлиги масаласи ҳамдир», — қўшимча қилди ҳисоботнинг ҳаммуаллифи, «АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази Илмий-маслаҳат ва тадқиқот кенгаши аъзоси Каролина Гронова.

Нанопластик халқаро илмий мулоқот мавзуси сифатида

Кўринмас, бироқ тобора хавфли тус олаётган ва анъанавий экологик ҳамда тиббий-санитария муаммолари доирасидан чиқиб кетаётган ифлосланиш шакли сифатида микро- ва нанопластик таҳдидига эътибор қаратиш мақсадида «АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази Европа парламенти депутати Ондржей Кнотек кўмагида 2026 йил 24 февраль куни Европа парламентида нанопластик бўйича конференция ташкил этди. Конференцияда «АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот марказининг АҚШ, Исроил, Германия ва Чехиядан вакиллари сўзга чиқди.

Суратда: А. Рагуза, Я. Кара, О. Кнотек, М. Бёрнс, М. Овцынова, Ж. Ан, А. Котляр ва А. Масни Европа парламентида 2026 йил 24 февралда ўтган «NANOPLASTICS: HIDDEN CONNECTIONS AND EMERGING RISKS» («Нанопластик: яширин боғлиқликлар ва янги пайдо бўлаётган хавфлар») конференциясида

Ҳисобот «Нанопластик. Инсон саломатлиги, экотизимлар ва атроф-муҳит учун хавфларнинг тизимли таҳлили» очиқ ҳолда қуйидаги манзилда мавжуд: 

https://allatra.org/global-research-center/publications/agrc.report.mnp.2026.04001.

DOI: https://doi.org/10.65849/agrc.report.mnp.2026.04001

«АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази ҳақида

«АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази глобал муаммоларни, жумладан табиий офатлар, геодинамик ўзгаришлар, микро- ва нанопластик ҳамда инсон ҳуқуқлари масалаларини ўрганиш учун турли мамлакатлардан олимлар, тадқиқотчилар ва мутахассисларни бирлаштиради. Марказ тадқиқотчилар, ҳокимият органлари вакиллари, ОАВ ва кенг жамоатчилик учун илмий асосланган таҳлилий материаллар ва тавсияларни нашр этади.

Матбуот билан боғланиш учун: [email protected]