Доктор Джон Ан TEDx Talk маърузасида микро- ва нанопластик келтириб чиқараётган глобал инқирозга эътибор қаратди

4 June 2026

«Кўзга кўринмас даражада майда, эътиборсиз қолдириб бўлмас даражада хавфли: микро- ва нанопластик»

СЕНТ-ЛУИС, АҚШ – 30 май 2026 йил – «АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази етакчи илмий ходими ва раиси, PhD ва MBA даражаларига эга доктор Джон Ан Сент-Луисда ўтаётган TEDx тадбирида «Кўзга кўринмас даражада майда, эътиборсиз қолдириб бўлмас даражада хавфли: микро- ва нанопластик» мавзусида маъруза қилди. Миссури тарихи музейида турли тоифадаги тингловчилар ҳузурида чиқиш қилган доктор Джон Ан жамиятнинг энг долзарб муаммоларини ҳал этишга қаратилган ғояларни тақдим этган таниқли спикерлар сафидан жой олди. Маърузасида у микро- ва нанопластик билан боғлиқ инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун ортиб бораётган хавф-хатарларни танқидий таҳлил қилди, янги илмий маълумотлар ҳамда келгусидаги тадқиқотлар ва сиёсат учун мумкин бўлган йўналишларни ёритиб берди.

Тадбирдан олдин доктор Джон Ан FOX 2 телеканалининг StudioSTL дастурига меҳмон бўлиб, TEDx тадбири учун тайёрлаган маърузаси ҳақида сўзлаб берди ва микро- ва нанопластик тадқиқотларининг глобал аҳамиятини таъкидлади. Телесюжет кенг маҳаллий аудиторияни ушбу мавзу билан таништирди ҳамда доктор Аннинг TEDx тадбиридаги тақдимоти ҳамда фан, жамоат саломатлиги ва экологик масъулият масалалари бўйича янада кенгроқ муҳокамалар учун анонс бўлиб хизмат қилди.

Доктор Джон Ан микро- ва нанопластикни ҳамма жойга тарқалган «кўринмас ифлосланиш» шакли деб таърифлади: атроф-муҳитга чиқарилгач, у ўз-ўзидан йўқолиб кетмайди. Унинг тушунтиришича, шиша идишлар, автомобил шиналари, кийим-кечак ва қадоқлаш материаллари каби оддий пластик буюмлар вақт ўтиши билан тобора майда заррачаларга парчаланади. Бунда бир грамм пластик квадриллионлаб заррачаларга бўлиниши мумкин. Тарқалиб кетган бу заррачалар атроф-муҳитда узоқ сақланиб қолиши, ҳаво ва сув орқали айланиб юриши ҳамда экотизимлар ва тирик организмларда тўпланиши мумкин.

«Микро- ва нанопластик ҳамма жойда. Организмга тушгач, у орқали шунчаки ўтиб кетмайди, балки тўпланади», — деди доктор Джон Ан.

У микро- ва нанопластик бўйича сўнгги тадқиқотларни ва уларнинг турли биологик тизимларга эҳтимолий таъсирини кўриб чиқди ҳамда илмий изланишлар ривожланиб бораётган бўлса-да, хавотир кучайиб бораётганини таъкидлади. Доктор Джон Ан микро- ва нанопластик турли хил саломатлик муаммоларига, жумладан, нейродегенератив касалликларга, юрак-қон томир тизими учун салбий оқибатларга, репродуктив саломатлик муаммоларига ва ҳужайралар фаолиятининг кенг кўламли бузилишига сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи янги далиллар ҳақида гапирди.

Маърузанинг асосий мавзуларидан бири биологик ва экологик тизимларда микро- ва нанопластикнинг хатти-ҳаракатида электростатик заряднинг роли бўлди. Жаноб Ан электр зарядига эга заррачалар биологик тўсиқлардан қандай ўтиши, биомолекулалар ва ҳужайра таркибий қисмлари билан ўзаро таъсирга кириши ҳамда бу жараёнлар уларнинг организмда узоқ вақт сақланиб қолиши ва тўпланишига қандай ҳисса қўшиши мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди.

«Бу соҳадаги илм-фан ҳали ривожланиш босқичида. Бироқ пластикнинг бир физик хусусияти аллақачон бошқаларидан ажралиб турибди — бу электростатик заряд. Эҳтимол, айнан шу заряд пластик заррачаларининг ўзини қандай тутишини тушунтириб бера оладиган ўша «суперкуч»дир», — деди доктор Джон Ан.

Маърузанинг асосий ғояси шундан иборат эдики, пластикдан фойдаланишни камайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш кўламини кенгайтириш ва атроф-муҳитни тозалаш тадбирларини ўтказиш каби анъанавий чоралар ҳануз муҳим аҳамиятга эга. Бироқ бу чоралар микро- ва нанопластик аллақачон биологик ва экологик тизимларга чуқур кириб борганини тўлиқ ҳисобга олмайди.

Доктор Ан ҳозирги кунда ҳаво, океанлар ва инсон организмидан триллионлаб заррачаларни жисмонан олиб ташлашнинг имкони йўқлигини эътироф этди. Унинг фикрича, микро- ва нанопластик муаммосини ҳал қилиш учун эҳтимолий ечимларни ишлаб чиқишда бошқача ёндашув талаб этилиши мумкин.

«Эҳтимол, биз саволни нотўғри қўяётгандирмиз, — деди у. — Балки масала пластикнинг майда заррачаларини қандай йўқотишда эмас, балки уларни қандай қилиб камроқ хавфли қилишдадир».

Сўзининг якунида у микро- ва нанопластик муаммосини чуқурроқ ўрганиш ва уни ҳал этиш йўлларини излашга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Бу тенденциянинг ифодаси сифатида 2026 йил апрель ойида АҚШ Соғлиқни сақлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги қўшма баёнот эълон қилиб, микро- ва нанопластикни жамоат саломатлиги билан боғлиқ муаммо сифатида расман эътироф этганини келтириш мумкин. Ушбу идоралар Соғлиқни сақлаш соҳасидаги илғор тадқиқот лойиҳалари агентлиги (ARPA-H) доирасида STOMP номли беш йиллик дастурни ишга туширди. Бюджети 144 миллион долларни ташкил этувчи мазкур дастур микропластикнинг биологик таъсирини чуқур ўрганиш ва муаммони ҳал этишнинг эҳтимолий йўлларини ишлаб чиқишга қаратилган. Ушбу федерал ташаббус микро- ва нанопластикнинг инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳитга эҳтимолий таъсири ҳақидаги хабардорлик тобора ортиб бораётганини акс эттиради.

Бошқа таниқли спикерлар

Эрика Барнелл, тиббиёт ва фалсафа фанлари доктори, Geneoscopy компанияси ҳаммуассиси ҳамда тиббий ва илмий масалалар бўйича директори, онкологик касалликларни эрта ташхислаш ҳақида сўз юритди. «Сиз ва саратон ўртасидаги тўрт сўз» номли маърузасида у саломатликка оид мураккаб мавзуларда хотиржам суҳбатлаша олиш эрта ташхис ва профилактика орқали инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга қандай ёрдам бериши мумкинлигини ёритди.

Элисон Хакенпалер, тиббиёт ва фалсафа фанлари доктори, психиатр ва нейробиолог, «Уйқуни тартибга солиш орқали руҳий саломатлик муаммоларини даволашнинг янги усули» мавзусида маъруза қилди. У уйқу давомийлиги, чуқурлиги ва барқарорлигини мақсадли равишда ўзгартириш депрессияни даволашда қандай ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди.

Стивен Хапп, фалсафа фанлари доктори, Скептик тадқиқотлар қўмитаси ижроия директори ва Skeptical Inquirer журнали муҳаррири, «Ғайриоддий жумбоқларни ўрганиш тафаккурни яхшилаши мумкин» мавзусида маъруза қилди. У ғайриоддий даъволарни қатъий скептицизм призмаси орқали таҳлил қилиш танқидий фикрлаш кўникмаларини қандай мустаҳкамлаши мумкинлигини кўрсатиб берди.

Пьер Пол, ногиронлик масалалари бўйича тадқиқотлар йўналишида аспирант, We Hear You ташкилоти асосчиси ва бош директори «Барча учун қулайликни таъминлашда инклюзив дизайн» мавзусида маъруза қилди. У ногиронлиги бор одамлар учун самарали ечимлар яратиш дизайнерлар ва бундай ҳолатни шахсан бошдан кечирган инсонлар ўртасидаги ҳамкорликни талаб этишини, сифатлироқ дизайн эса барчага фойда келтиришини таъкидлади.

Шунингдек, кеча давомида нотиқлик санъати бўйича мукофотлар совриндори Кристен Харрис (KMoney) ҳамда Collective Motion рақс ансамблининг жонли чиқишлари бўлиб ўтди.

TED ва TEDxStLouis ҳақида

TED — кенг оммага етказишга арзийдиган ғояларни тарқатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган нотижорат ташкилот. Фаолиятини Калифорнияда ўтказилган конференциядан бошлаган TED йиллар давомида ўз фаолиятини бир қатор глобал ташаббуслар орқали кенгайтирди. Улар қаторига дунёнинг турли мамлакатларида мустақил равишда ташкил этиладиган TED услубидаги тадбирларни қўллаб-қувватлашга қаратилган TEDx дастури ҳам киради.

TEDxStLouis — кенг оммага етказишга арзийдиган ғояларга асосланган маҳаллий тадбирларни мустақил ташкил этиш дастури. TEDx тадбирлари TED Talks видеолар серияси ва спикерларнинг чиқишларини ўз ичига олади ва мунозаралар уйғотиш, янги ғояларга илҳом бериш ва жамоалар ўртасида алоқаларни ўрнатишга қаратилган.

«АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази ҳақида

«АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази глобал муаммоларни, жумладан табиий офатлар, геодинамик ўзгаришлар, микро- ва нанопластикларни ҳамда инсон ҳуқуқлари масалаларини ўрганиш учун турли мамлакатлардан келган олимлар, тадқиқотчилар ва мутахассисларни бирлаштиради.

Марказ тадқиқотчилар, давлат ҳокимияти органлари вакиллари, ОАВ ва кенг жамоатчилик учун илмий асосланган таҳлилий материаллар ва тавсияларни нашр этади.

Тадбирни ёритган ОАВ: Associated Press, The National Law Review, FOX 2, CBS 10, ABC 12, CBS 42, NBC 33, CBS 13, FOX 4, DC NEWS NOW ва бошқалар.

ОАВ учун алоқа маълумотлари: [email protected]