«АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази Колумбиядаги UNICIENCIA тадбирида микро- ва нанопластикнинг инсон саломатлигига таъсири бўйича тадқиқотни тақдим этди

5 November 2026
«АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази Колумбиядаги UNICIENCIA тадбирида микро- ва нанопластикнинг инсон саломатлигига таъсири бўйича тадқиқотни тақдим этди

Доктор Каролина Гронова («АЛЛАТРА» ГТМ) UNICIENCIA Саломатлик ҳафталигида микро- ва нанопластикнинг инсон саломатлигига таъсири ҳақида маъруза қилди

Колумбия, 30 сентябрь 2026 йил — UNICIENCIA Фан ва тараққиёт университет корпорацияси томонидан ташкил этилган Саломатлик ҳафталиги (Semana de la Salud) доирасида микро- ва нанопластикнинг инсон саломатлигига таъсирига бағишланган онлайн учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этиш учун «АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази («АЛЛАТРА» ГТМ) таклиф этилди. Марказни унинг Илмий-маслаҳат ва тадқиқот кенгаши аъзоси Каролина Гронова — профилактик тиббиёт бўйича Ph.D., Прагадаги Карл университети тиббиёт факультетини тамомлаган клиник фармаколог вакиллик қилди.

Учрашув «Кўзга кўринмайдиган нарса ҳам сизга таъсир қилади» шиори остида ўтди. Диққат марказида бугунги кундаги энг долзарб экологик ва тиббий муаммолардан бири турди: микро- ва нанопластикнинг атроф-муҳитда мавжудлиги ва унинг инсон организмига эҳтимолий таъсири.

Тадбир давомида доктор Гронова «Нанопластик. Инсон саломатлиги, экотизимлар ва атроф-муҳит учун хавфларнинг тизимли таҳлили» илмий ҳисоботини тақдим этди. Ҳисобот «АЛЛАТРА» ГТМ муаллифлар жамоаси томонидан тайёрланган бўлиб, унинг таркибига Джон Ан, Анастасия Пашигрева, Татьяна Карова, Анна Котляр, Александр Масний, Ян Кара ва Каролина Гронованинг ўзи кирган. Тадқиқот биосферада микро- ва нанопластикнинг мисли кўрилмаган даражада глобал миқёсда тўпланиши ҳамда пластик заррачаларининг микро- ва наноўлчамларгача кичрайиши натижасида уларнинг физик-кимёвий хусусиятлари ўзгариши муаммосига бағишланган. Иш микро- ва нанопластикнинг тарқалиши, тирик тизимлар билан ўзаро таъсир механизмлари ҳамда инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун эҳтимолий хавфлар бўйича замонавий илмий маълумотларни бирлаштиради ва тизимлаштиради.

Тақдимотда шунингдек «АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот марказининг «Нанопластик. Ҳаёт учун таҳдид» илмий-ҳужжатли фильмидан лавҳалар намойиш этилди. Дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилган тадқиқотлар натижалари ҳамда жаҳонга машҳур олимлар ва амалий тадқиқотчилар билан суҳбатларга асосланган фильмда микро- ва нанопластик таъсирининг оқибатлари кенг оммага тушунарли илмий-оммабоп услубда ёритилган.

Маърузанинг марказий мавзуларидан бири пластик заррачаларининг микроўлчамдан наноўлчамга ўтиши нима учун уларнинг биологик тизимлар билан ўзаро таъсирини тубдан ўзгартириши масаласи бўлди. Нанодаражада заррачалар ҳужайра таркибий қисмлари билан ўлчами жиҳатидан таққосланадиган тузилмалар билан ўзаро таъсирга киришиши мумкин. Бунда заррачаларнинг нафақат ўлчами ва шакли, балки юза хусусиятлари ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Доктор Гронова микро- ва нанопластикнинг эҳтимолий таъсирини белгиловчи асосий омиллар — унинг кимёвий таркиби ва пластик таркибидаги қўшимчалар, энг майда заррачаларнинг биологик тўсиқлардан ўтиш қобилияти ҳамда уларнинг сирт хусусиятлари ҳақида сўзлаб берди. Маъруза давомида микро- ва нанопластик ҳужайралардаги жараёнларга, жумладан, оксидловчи стресснинг ривожланиши, митохондриялар фаолиятининг бузилиши ва ҳужайра ичидаги сигнал узатиш жараёнларидаги бузилишларга қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги кўриб чиқилди.

Доктор Гронова ҳужайраларнинг шикастланишига олиб келиши мумкин бўлган бошқа механизмлар қаторида яллиғланиш жараёнлари ҳамда оқсилларнинг тузилиши ва функциялари бузилишини ҳам санаб ўтди. Шунингдек, у нанопластик заррачалари сиртидаги электр зарядининг биологик тузилмалар билан ўзаро таъсирдаги эҳтимолий ролига алоҳида тўхталди. У микро- ва нанопластикнинг асаб, иммун, юрак-қон томир, нафас ва репродуктив тизимларга эҳтимолий таъсири ҳақидаги маълумотларни келтирди ва болалар кўпроқ заиф эканига эътибор қаратди, чунки болалар тана вазнига нисбатан кўпроқ сув ва озиқ-овқат истеъмол қилади, тез-тез нафас олади, уларнинг аъзолари ва биологик тизимлари эса ҳали шаклланиш жараёнида бўлади. Шу ўринда доктор Гронова мавжуд илмий маълумотларнинг ишончлилик даражаси турлича эканини таъкидлади. Уларнинг катта қисми лаборатория шароитида ва ҳайвонлар устида ўтказилган тадқиқотлардан олинган. Микро- ва нанопластик таъсири билан муайян касалликлар ўртасида тўғридан-тўғри сабаб-оқибат боғлиқлигини аниқлаш имконини берадиган инсонлар иштирокидаги узоқ муддатли тадқиқотлар эса ҳозирча етарли эмас.

Маъруза якунида доктор Гронова келгусидаги тадқиқотларнинг тўртта асосий йўналишини белгилаб берди: микро- ва нанопластикни аниқлаш ва ўлчаш усулларини такомиллаштириш, уларнинг биологик таъсир механизмларини чуқурроқ ўрганиш, одамлар иштирокида узоқ муддатли тадқиқотлар ўтказиш ҳамда бундай заррачаларни йўқотиш ёки уларнинг биологик тизимлар билан ўзаро таъсирга киришиш қобилиятини камайтириш усулларини ишлаб чиқиш. Унинг сўзларига кўра, бунинг учун фанлараро ёндашув ҳамда кимё, тиббиёт, физика, муҳандислик ва экология фанлари соҳасидаги мутахассисларнинг ҳамкорлиги зарур.

«АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази UNICIENCIA ташкилотига таклиф, очиқ мулоқот ва микро- ҳамда нанопластикнинг инсон саломатлигига таъсири мавзусига қаратилган эътибор учун миннатдорлик билдиради. Айнан шундай учрашувлар илмий далилларни жонли касбий муҳокамаларга олиб киришга ёрдам беради ва бу масалани ўрганишни давом эттириш ҳамда у ҳақида аниқ, очиқ ва масъулият билан гапириш қанчалик муҳимлигини эслатади.

«АЛЛАТРА» ҳақида

«АЛЛАТРА» — АҚШда тадқиқот марказига эга бўлган («АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази) халқаро ташкилот бўлиб, иқлим ва экологик ўзгаришларни комплекс таҳлил қилиш, микро- ва нанопластик таъсирини ўрганиш, шунингдек, маданиятлараро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.

Атроф-муҳит ва барча тирик мавжудотларни асраб-авайлаш йўлидаги фидокорона фаолиятининг эътирофи сифатида 2024 йилда «АЛЛАТРА» Рим Папаси Франциск Ҳазратларининг Ҳаворийлик фотиҳасига сазовор бўлди. 2025 йилда эса Рим Папаси Лев XIV Ҳазратлари ҳам «АЛЛАТРА» президенти ва унинг барча кўнгиллиларига Ҳаворийлик фотиҳасини инъом этди.

«АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази ҳақида

«АЛЛАТРА» Глобал тадқиқот маркази турли мамлакатлардан олимлар, тадқиқотчилар ва мутахассисларни бирлаштириб, глобал муаммоларни, жумладан табиий офатлар, геодинамик ўзгаришлар, микро- ва нанопластик ҳамда инсон ҳуқуқлари масалаларини ўрганади.

Марказ тадқиқотчилар, ҳокимият органлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик учун мўлжалланган илмий асосланган таҳлилий материаллар ва тавсияларни эълон қилади.

ОАВ боғланиши учун: [email protected]